ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik. Кремлда Владимира Путин ва Шавкат Мирзиёев ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашув якунларига кўра икки давлат раҳбарлари Қўшма баёнотга имзо чекдилар. Бундан ташқари, жами 39та ҳукуматлараро ва муассасалараро ҳужжатдан иборат тўплам имзоланди, деб хабар берди Кремль матбуот хизмати.
Россия президенти икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси юқори даражада сақланиб келаётганлигини ва айрим маҳсулот турларида "ҳайратланарли тарзда ошаётганлигини" таъкидлади.
"Бу айниқса енгил саноат, қишлоқ хўжалигига тегишли. Қишлоқ хўжалиги борасидаги кўрсаткич, Россия бозорига Ўзбекистон маҳсулотларининг кириб келиши икки баравардан кўпроққа ошди", — деди Владимир Путин.
Ўзбекистон президенти ўзаро кўзда тутилган режалар тезлик билан амалга ошаётганлиги учун Путинга миннатдорлик билдирди.
"Сиз билан Самарқанддаги учрашувимиз чоғида барча йўналишлар бўйича ишончли, очиқ суҳбат бўлиб ўтганди. Ўтган қисқа давр мобайнида кўп ўзгаришлар юз берди. Сизга миннатдорлик изҳор қилмоқчиман: сиз билан келишилган барча нарса амалга ошмоқда. Бугун биз имзолайдиган ҳужжатлар тўплами ана шундан далолат беради", — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари расмий ташриф доирасида Пушкин номидаги тасвирий санъат музейида ташкил этилган "Нукус хазинаси" кўргазмасига ташриф буюриши кўзда тутилган.