ТОШКЕНТ, 8 окт — Sputnik. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Қозоғистон раҳбариятини мамлакатда бўлиб ўтиши кутилаётган сайловларга таъсир ўтказишга уринишда айблади, деб хабар қилди РИА Новости.
"Мен қозоқ ҳукумати нима учун ўз номзодини бизга тиқиштиришга ҳаракат қилаётганини тушунаман. Улар Боқиевни яхши кўришади (Қирғизистоннинг собиқ президенти — таҳр.). Боқиевлар ҳанузга қадар Қозоғистонда байрамлар ўтказишади", — деб айтган Алмазбек Атамбаев.
Жорий йилнинг 19 сентябрида Қозоғистон президенти Қирғизистон президентлик сайловларига ўз номзодини қўйган Омурбек Бабанов билан учрашганидан сўнг Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу учрашув бўйича Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотасини юборган эди.
Қирғизистон томонидан ушбу учрашувнинг Қозоғистонда кенг ёритилиши Қирғизистон халқи танловига таъсир ўтказиш ҳамда Қирғизистон Республикасининг ички ишларига аралашишга уриниш сифатида баҳоланган.
Қирғизистон раҳбари қозоғистон бойликлари ўмариб кетилаётганини ва Қозоғистонга қўшни давлатдаги демократик ўзгаришлар ёқмаётгани ҳақида баёнот қилган.
"Агар бизнинг қўшниларимиз ўзларига келиб олишмаса мен бошқача гапираман. Мен ҳақпарвар президент сифатида намуна кўрсатганимдан фахрланаман", — хулоса қилган Атамбаев.
Қирғизистондаги президентлик сайловлари 15 октябрда бўлиб ўтади. Қирғизистон Конституциясига мувофиқ Атамбаев такроран президентликка ўз номзодини кўрсата олмайди.