Тошкент юридик коллежи директори қатор айбловлар билан ишдан бўшатилди

© Sputnik / Михаил ВоскресенскийПустое кресло
Пустое кресло - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
У "2-даражали адлия маслаҳатчиси" махсус унвон-мартаба даражасидан ҳам маҳрум қилинган

ТОШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Тошкент юридик коллежи директори Наталья Темирова "2-даражали адлия маслаҳатчиси" махсус унвон-мартаба даражасидан маҳрум қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда билдирилишича, адлия вазирининг буйруғига асосан Тошкент юридик коллежи ўқитувчиларининг мурожаати юзасидан хизмат текшируви ўтказилди.

Хизмат текшируви давомида Тошкент юридик коллежи фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширишда Н.Темирова томонидан кадрларни ишга қабул қилишда қариндош-уруғчиликка йўл қўйилганлиги, ходимларни ишга қабул қилиш, ишда қолдиришда таъмагирлик ва қонунбузилишлар мавжудлиги, ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари асоссиз қўлланилганлиги, кадрлар қўнимсизлиги йилдан-йилга ошиб борганлиги аниқланган.

Тошкентдаги коллежда икки ўқувчи пичоқланди: бир ўқувчи вафот этди

Бундан ташқари, ўқув жараёнида ҳамда битирувчиларга диплом беришда қонунчилик талаблари бузилган, иш юритиш ва ижро интизоми масаласига масъулиятсизлик билан ёндашилган, топшириқ ва кўрсатмаларнинг тизимли равишда бажарилмаган ҳамда бошқа бир қатор қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйилган.

Шунингдек, коллеж меҳнат жамоаси ўртасида гуруҳбозлик ва носоғлом муҳит шаклланганлиги, маънавий-тарбиявий ишларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги ва раҳбар ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги оқибатида 2017 йил 6 октябр куни ўқувчилар томонидан коллеж ҳудудида оғир жиноят содир этилган.

Ўтказилган хизмат текшируви натижасига кўра, Тошкент юридик коллежи директори Н.Темирова томонидан бир қатор қонун ҳужжатлари талаблари бузилган деб топилган.

Хизмат текшируви давомида аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ҳуқуқий баҳо бериш учун текширув материаллари тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди ҳамда бугунги кунда улар томонидан коллежда тегишли ўрганишлар олиб борилмоқда.

7 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг масъул раҳбар ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда коллеж раҳбарияти томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар коллеж ходимлари ва ўқитувчилари иштирокида муҳокама қилиниб, ташкилий масала кўрилди.

Юқоридагиларга асосан, иш фаолиятида йўл қўйган жиддий хато ва камчиликлари учун Тошкент юридик коллежи директори Наталья Сабировна Темирова "2-даражали адлия маслаҳатчиси" махсус унвон-мартаба даражасидан маҳрум қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Янгиликлар лентаси
0