ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Бугун 1-Тошкент юридик коллежи ошхонасида икки ўқувчига пичоқ билан жароҳат етказилган, деб хабар бермоқда telegraf.uz. Хабарда айтилишича, бир ўқувчи шифохонада вафот этган, иккинчиси шифохонада тиббий ёрдам олиб ётибди.
Тафсилотларга кўра, бугун эрталаб коллеж ошхонасида 3-босқич ўқувчилари С.Саидвоҳидов ва Р.Ёрқориев ўзаро гап талашиб қолади. Ушбу жанжални ўзаро ҳал қилиб олиш учун бу иккиси, А.Парпибоев ва бошқа ўқувчилар ошхонанинг орқа томонига чиқишади. Гап талашиб турган пайтда С.Саидвоҳидов ёнидаги пичоқ билан аввал Ёрқориевнинг чап оёғига, кейин эса Парпибоевнинг чап оёғига жароҳат етказиб, воқеа жойидан қочиб кетади.
А.Парпибоев РШТЁИМ болалар жарроҳлик бўлимида оламдан ўтган.
Р.Ёрқориев айни дамда шифохонада даволанмоқда.
С.Саидвоҳидов ушбу жиноят иши бўйича гумондор ҳисобланади.