ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Тошкентда бўлган президент Алмазбек Атамбаев бугун Қирғизистонга жўнаб кетди.
Аввал хабар қилинганидек, ташрифнинг асосий тадбирлари 5 октябрь куни бўлиб ўтди.
Алмазбек Атамбаев Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Президентлар "Ўзэкспомарказ"да ташкил этилган Қирғизистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси билан танишдилар.
Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, қатор ҳужжатлар имзоланди.