ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар қилди Ҳукумат портали.
Таъкидланишича, Мирзиёев мулоқот аввалида Тожикистон президентини туғилган куни билан самимий муборакбод этган.
Шунингдек, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот сўнгида Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни яна бир бор самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ ва улкан муваффақиятлар, дўст тожик халқига тинчлик, осойишталик ва фаровонлик тилади.
Ўз навбатида, Тожикистон президенти ҳам Ўзбекистон президентига самимий табрик ва юксак эътибор учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Томонлар дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида кенг кўламли ўзаро манфаатли ҳамкорликни бундан буён ҳам биргаликда ривожлантиришга тайёр экани қайд этилди.