ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов 11-13 октябр кунлари Тожикистонда бўлади, деб хабар берди Podrobno.uz. Бу мустақиллик йиллари давомида мудофаа вазирининг қўшни республикага илк ташрифи бўлади.
Азизов 11-13 октябр кунлари Душанбеда бўлиб ўтадиган МДҲ мамлакатлари мудофаа вазирлари кенгашида иштирок этади. У шунингдек, Тожикистон мудофаа вазири ва мамлакат куч блокининг бошқа юқори мартабали шахслари билан учрашади.
Абдусалом Азизов шу йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон мудофаа вазири этиб тайинланган. Унга қадар Азизов ички ишлар вазирлигини бошқарганди.
Абдусалом Азизов шу йилнинг июнида ИИВ раҳбари сифатида Душанбедаги МДҲ мамлакатлари ички ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этган ва Тожикистон ИИВ раҳбари Рамазон Раҳимзода билан учрашганди.