ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев "Ўзэкспомарказ"да ташкил этилган Ўзбекистон ва Қирғизистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Кўргазмада мамлакатлар сўнгги йилларда иқтисодиёт соҳасида эришган ютуқлар, саноатнинг турли тармоқларида фаолият юритаётган компаниялар маҳсулотлари, илмий-ишлаб чиқариш марказларининг инновацион лойиҳа ва ишланмалари намойиш этилмоқда.
Президентлар экспозиция билан танишар экан, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришда бундай кўргазмалар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.
Мамлакатлар иқтисодиёт тармоқлари ўртасида ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши ишлаб чиқариш жараёни такомиллашиши ва маҳсулотларнинг янада оммавийлашишига хизмат қилишини таъкидладилар.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди.