ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Бугун Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Тошкент шаҳрига етиб келди. Мартабали меҳмонни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Бу ҳақда telegraf.uz хабар бермоқда.
Қирғизистон президенти 5-6 октябр кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан республикада бўлади.
Икки давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қиладилар, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашадилар.
Шунингдек, давлат раҳбарлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Қирғизистон саноат маҳсулотлари кўргазмасига ташриф буюрадилар.
Музокаралар якунлари бўйича президентлар Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида Қўшма декларацияни қабул қилиши кутилмоқда.
Ташриф доирасида турли соҳаларда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.