"Ипак йўлида туризм" - Тошкентда халқаро туризм ярмаркаси очилди

© TourFair22-я Ташкентская международная ярмарка "Туризм на шелковом пути"
22-я Ташкентская международная ярмарка Туризм на шелковом пути - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Тошкентда ўтказилаётган навбатдаги халқаро сайёҳлик ярмаркасида Қозоғистон, Жанубий Корея, Хитой, Таиланд, Миср, Сингапур, Малайзия, Озарбайжон, Буюк Британия сингари 32 мамлакатдан 50 дан зиёд фирма ва компания вакиллари иштирок этмоқда

ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. "ЎзЭКСПОМАРКАЗ"да "Ипак йўлида туризм" 23-Тошкент халқаро ярмаркаси очилди, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот-хизмати.

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик фирма ва компаниялари, меҳмонхоналар мутахассислари, дипломатик корпус ва соҳа вакиллари иштирок этди.

Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон ҳам саёҳат ҳам зиёрат учун қулай мамлакат - Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг лойиҳалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Д.Ильин ва бошқалар Ўзбекистонда сайёҳлик инфратузилмаси изчил ривожланаётгани, ушбу соҳанинг янги лойиҳалар ва тармоқлар ҳисобига кенгайиб бораётгани, сайёҳларни жалб қилиш учун барча шароит яратилганини алоҳида қайд этди.

Маълумотларга кўра, жаҳон иқтисодиётида сайёҳлик соҳасидан келадиган даромад нефть ва кимё саноатидан кейин учинчи ўринда турар экан. Лекин туризм маҳсулотлари табиий бойликлар каби вақт ўтиши билан камаймайди, аксинча, оммалашиб бораверади. Шу жиҳатдан туризм битмас-туганмас даромад манбаи ҳисобланади.

Туризм индустриясини анъанавий маданий-тарихий сайёҳлик билан бирга, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, ишбилармонлик туризми, спорт ва даволаниш-соғломлаштириш каби янги салоҳиятли турлар ҳисобига ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Ҳудудларда янги турларни ташкил этиш ва уларни паспортлаштириш, туризм объектлари бўйича ягона миллий реестрларни шакллантириш, қўриқхоналар, экомарказлар, биосфера резерватларини ўз ичига олган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тармоғини кенгайтириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мавзолей Ислама Каримова в Самарканде - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон ва Россия туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш йўл ҳаритаси тайёрланади
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, жаҳон жамоатчилигини юртимизнинг бой ва ранг-баранг маданияти, санъати, сайёҳлик соҳасини юксалтиришга хизмат қиладиган транспорт-логистика хизматлари билан яқиндан таништириш, хорижий компания ва ташкилотларнинг инвесторлар учун яратилган қулайликлар ва имтиёзлар ҳақидаги хабардорлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади.

Навбатдаги Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси ўзининг кўлами ва иштирокчилари сони, миллий стендларда намойиш этилаётган кўргазмалар миқёси ва мазмун жиҳатдан бойлиги билан ажралиб турибди. Қозоғистон, Жанубий Корея, Хитой, Таиланд, Миср, Сингапур, Малайзия, Озарбайжон, Буюк Британия сингари 32 мамлакатдан 50 дан зиёд фирма ва компания вакиллари иштирок этмоқда.

Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида йирик тармоқли меҳмонхона мажмуалари ҳамда хусусий отеллар, санаториялар, курортлар, логистика ва автотранспорт компаниялари, темир йўллар ва авиаташувчилар, туроператорлар, турагентлар, турбизнес ва бошқа сайёҳлик хизматларининг дастурий таъминотчилари, музейлар ҳамда дам олиш саноати корхоналарининг хизматлари намойиш этилмоқда.

Ярмаркада маданий-тарихий, бизнес, спорт ва экологик саёҳатлар, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, соғломлаштириш, гастрономик туризм каби йўналишларга оид бўлимларда сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишлари қамраб олинган.

Кўргазма миллий павильонидан мамлакатимиз барча ҳудудларининг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этувчи тақдимот стендлари ўрин олган. Уларда ҳар бир вилоятнинг ўзига хос миллий маданияти, туризм имкониятлари намойиш этилмоқда.

Шарқ таомлари ўзининг ранг-баранглиги, тайёрлаш усули ва мазаси билан машҳур. Ярмарка доирасида анъанавий таом тайёрлаш усуллари намойиши — "Ипак йўли таъми" номли миллий таомлар фестивали ўтказилмоқда. Бу тадбир мамлакатимиз бўйлаб гастрономик сайёҳликни янада оммалаштиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Хитой туризм бўйича келишув имзолайди
"Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда фаол ривожланмоқда, — дейди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе. — Қадимий ва боқий Бухоро, Шарқ гавҳари — Самарқанд, азим Тошкент ва осмон остидаги музей — Хива шаҳарларини томоша қилиш учун ҳар йили минглаб хитойлик сайёҳлар бу ерга келишмоқда. Мазкур ярмарка сайёҳлик соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутади".

"Шарқ бозори" экспозицияси томошабинлар билан гавжум. Унда халқимизнинг савдо-сотиқ маданияти, миллий маънавият, ижодкорлик салоҳияти, меҳмондўстлик каби эзгу қадриятлари бор бўй-басти билан намоён.

"Hosted Buyers" (Профессионал харидорлар) дастури учрашувларида хорижий компаниялар раҳбар ва менежерлари мамлакатимиздаги сайёҳлик йўналишлари билан танишиш, Самарқанд ва Хива шаҳарларига саёҳатлар уюштириш, ҳамкорлик ўрнатиш ва манфаатли шартномалар тузиш имконига эга бўлишмоқда.

Халқаро туризм ярмаркаси 5 октябргача давом этади.

Янгиликлар лентаси
0