ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Татаристон пойтахтида 15-19 ноябр кунлари бўлиб ўтадиган ўзбек-татар бизнес форумида Ўзбекистондан 70дан ортиқ компания қатнашади, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Тошкент шаҳар савдо-саноат палатаси экспортни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўлими бошлиғи Сергей Ивашченконинг айтишича, бу Татаристон президенти Рустам Миннихановнинг Ўзбекистонга ташрифига жавоб ташрифи бўлади.
"Ноябрда Татаристонда бизнес форум ўтказамиз. У ерга Қозон ярмаркаси доирасида кичик ва хусусий бизнес вакиллари билан борамиз. Улар текстил, қурилиш материаллари, тикув маҳсулотлари ва озиқ-овқат саноати йўналишидаги тадбиркорлардир", — деди Ивашченко Sputnik мухбирига.
Эслатиб ўтамиз, Татаристон президенти Рустам Минниханов 23-25 сентябр кунлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида Самарқандда бўлиб Биринчи Президент Ислом Каримов қабрига гул қўйди. Сўнгра Тошкентда татар диаспораси вакиллари ва маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев билан учрашди.
Бундан ташқари, Минниханов бизнес форумда қатнашди ҳамда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Абдулла Арипов билан учрашди.