ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядан депортация қилинган меҳнат мигрантларини "қора рўйхат"дан чиқариш ва уларнинг Россияга киришга тақиқ муддатини камайтириш устида ишламоқда. Бу ҳақда агентлик раҳбари вазифасини бажарувчи Хўжабаҳлил Асомовга таяниб "1news.uz" хабар қилди.
Статистик маълумотларга қараганда, ўзбекистонлик 400 мингга яқин меҳнат мигранти Россиядан депортация қилинган ва "қора рўйхат"га тушган.
Агентлик раҳбарининг фикрича, меҳнат мигрантларининг депортацияси асосан уларнинг ҳуқуқий маълумотга эга эмаслиги, яъни у ёки бу давлат қонунларини билмасликлари сабабли рўй беради.
У шунингдек, Россиядаги йирик иш берувчилар билан ҳамкорлик қилинаётгани, мослашув марказлари ва ишга жўнатишдан олдинги тайёргарлик марказлари очилганини маълум қилди.
Асомовнинг билдиришича, бугунги кунда Россияда ўзбекистонлик 1,5 миллионга яқин меҳнат мигранти ишлаб турибди. Уларнинг 60 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардир.