ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг пичоқ билан жанг қилиш ҳамда пичоқ улоқтириш бўйича чемпионати бошланди, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот-хизмати.
Жорий йил Мудофаа вазирлиги чемпионатида ҳарбий округлар ва олий ҳарбий таълим муассасаларидан 7 гуруҳ қатнашмоқда.
65 килограммгача бўлган вазн тоифасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи вакили Редван Усаинов Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи вакили Отабек Сирожиддинов устидан ғалаба қозонди. Шарқий ҳарбий округ вакили Шаҳзод Ҳакимов Ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) ва Ҳарбий ҳаво кучлари (ҲҲК) қўшинлари жамоаси аъзоси Соҳибжон Сулаймоновни муддатидан олдин мағлубиятга учратди.
Бўлажак зобитлар — Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти (СОҲАҚМБЮ) курсанти Сирож Самандаров ҳамда Қуролли Кучлар академияси курсанти Козимжон Исмоиловлар ўртасидаги баҳс биринчи раунддаёқ СОҲАҚМБЮ вакили ғалабаси билан якунланди.
70 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги спортчилар беллашувида ЖҒМҲО вакили Жавлон Тоғаев биринчи жангда СОҲАҚМБЮ курсанти Рафиқ Исроиловни мағлуб этди. Қуролли Кучлар академиясидан Сирожиддин Абдуҳалилов ШҒҲО вакили Муҳриддин Нуриддинов устидан зафар қучди.
Чемпионат дастуридан 3, 5 ва 7 метрлик масофалардан пичоқ улоқтириш бўйича ғолибларни аниқлаш ҳам жой олган. Беллашувлар шанба куни ўз ниҳоясига етади.