ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими бировнинг уйига эга чиққан оилани мажбуран кўчириб чиқарди, деб хабар қилди "Зарафшон" нашри.
Кейинги йилларда уй-жой билан боғлиқ муаммолар учраб турибди. Битта кўчмас мулкка даъвогар икки томоннинг ҳужжатлари суд томонидан кўриб чиқилгач ҳам, афсуски, тортишувлар давом этади. Айрим ҳолларда бир неча йил яшагани сабабли "энди уй меники" дея шунчаки мол-мулкка эга чиқаётганлар ҳам бор. Суд қарорини ҳам, уй эгасининг қонуний ҳужжатларини ҳам тан олгиси йўқ — "чиқмайман, тамом!".
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими томонидан худди шундай мазмундаги бир қатор ижро ишлари амалга оширилиб, фуқароларнинг ўз мулкига эгалик қилишига бўлган монелик олиб ташланди. Мисол учун, Самарқанд шаҳри Бағдод кўчасида яшовчи М.Маликова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) хорижда ишлаётган қариндошининг уйига оила аъзолари билан кириб, узоқ йил яшаб келади. Хориждан қайтган қариндоши эса ўз уйига кира олмайди. Бўлиб ўтган сарсонгарчиликлар, суд қарорларидан сўнг ҳам жавобгар уйни бўшатиб бермагач, мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими томонидан огоҳлантирув хати юборилди.
Фуқарога ихтиёрий равишда уйни бўшатмаган тақдирда энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима қўлланилиши тушунтирилган бўлса-да, фуқаро ўз билганидан қолмади. Оқибатда жавобгар бировнинг уйидан мажбурий равишда кўчирилиб, жарима тўлашига ҳам тўғри келди.