ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Бугун Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори Наталя Ханженкова бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда билдирилишича, делегация Олий Мажлис Сенати, ташқи ишлар, молия, иқтисодиёт, ахборот технологиялари ва коммуникациялар вазирликлари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида учрашув ва музокаралар ўтказади.
Делегация, шунингдек, Навоий шаҳрида бўлиб ўтадиган "Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кичик ва ўрта бизнес субъектлари билан ҳамкорлик механизмлари" тренинг-семинарида иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти Ўзбекистон президентига мактуб йўллаб, ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига умид билдирганди.