ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Халқаро жиноят полицияси ташкилоти Бош котибияти ташаббуси ва Швейцариянинг "SICPA" компанияси билан ҳамкорликда, Тошкентда уч кунлик "Ҳужжатлар хавфсизлигини баҳолаш"га бағишланган тренинг бошланди.
Мазкур тренинг аъзо мамлакатларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятида ҳуқуқий ёрдам сифатида, тезкор қўллаш ва маълумотлар техник базасидан фойдаланишда ҳамкорлик, қалбаки валюта ва ҳужжатларни аниқлаш юзасидан ташкил этилди.
Мазкур тренингда Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари иштирок этмоқдалар.
Ўқув тренинг 12 та ўқув модулини ва 3 та амалий машғулотни ўз ичига олган бўлиб, бунга етакчи мутаххасислар инструктор ва эксперт сифатида жалб қилинган.
"Қалбаки ҳужжатлар давлат бошқаруви аппаратини бир маромда ишлашига салбий таъсир кўрсатиши билан бир қаторда, жамиятга ижтимоий ва маънавий зарар ҳам етказади. Булар юридик ҳужжатларда, кредит расмийлаштиришда, банкдан маблағ олишда, мол-мулкка эгалик қилишда, ноқонуний миграция ва бошқа бир қатор ҳолатларда ўз аксини топади. Шунинг учун юқоридаги ҳолатларда фирибгарликни олдини олиш учун ҳуқуқ тартибот тизими замонавий, технологик ва қулай бўлиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги кейинчалик ҳам ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган мутахассисларни тайёрлаш ва тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди", дейилган Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати хабарида.