ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Ўзбекистон Халқ банки республикада чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича маълумотларни эълон қилди.
Банкнинг маълумот беришича, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги "Чортут" фермер хўжалиги томонидан Германия давлатидан 4,1 млрд.сўм кредит маблағлари ҳисобига 400 бош "Голштин" зотли наслли қорамоллари олиб келиш бўйича импорт шартнома имзоланиб, 196 бош олиб келинди ва октябр ойига қадар яна 204 бош наслли қорамол олиб келинади.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти Денов туманидаги "Раҳмон-Тараққиёт-омад" чорвачилик-бўрдоқичилик корхонаси томонидан Германия ва Украинадан 1,3 млрд.сўм кредит маблағлари ҳисобига 190 бош "Голштин" ва "Симментал" зотли наслли қорамоллари, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги "Анор Агро Чорва" фермер хўжалиги томонидан Германиядан 1,4 млрд.сўм кредит ҳисобига сут йўналишидаги 165 бош "Голштин" зотли наслли қорамоллари ҳамда Тошкент вилояти Янгийўл тумани "Абдукарим — Нуржан зиёси" фермер хўжалиги томонидан Германиядан 1,5 млрд.сўм кредит маблағлари ҳисобига сут йўналишидаги 150 бош наслли қорамол олиб келинди.
Шу билан бирга Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги "Янги Аср" фермер хўжалигида 18 млрд. сўмлик лойиҳа асосида хориждан наслли қорамоллар, сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш ҳамда замонавий чорва комлексини барпо этиш ишлари олиб борилаётган бўлса, Қашқадарё вилояти Косон туманидаги "Истиқлол" хусусий савдо ишлаб чиқариш корхонаси 15 млрд. сўмлик лойиҳа асосида хориждан наслли қорамоллар, сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш ҳамда замонавий чорва комлексини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Франция, Германия, Россия ва Чехиядан 3476 бош эчки сотиб олиш учун 8,7 млрд. сўмлик 8 та импорт шартномаси тузилди.
Халқ банки кўмагида барпо этилган Бухоро вилоятининг Бухоро туманида фаолият юритаётган "Бухоро темир отлари" маъсулияти чекланган жамияти томонидан 980 млн.сўм кредит маблағи ҳисобига 356 бош "Заанен" зотли наслли эчкилар олиб келинди.
Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги "Бахт имкон ривож чорваси" фермер хўжалиги томонидан Германиядан сут йўналиши бўйича 292 бош "Заанен" зотли наслли эчкилар олиб келинди. Бундан ташқари, ушбу фермер хўжалиги Австрия давлати билан 1,8 млрд.сўм кредит маблағи ҳисобига 1000 бошли "Заанен" зотли наслли эчкилар олиб келиш бўйича импорт шартномаси имзоланиб, шу йилнинг сентябр ойига қадар наслли эчкиларни тўлиқ олиб келиш ишлари амалга оширилади.
Қорақалпоғистон Республикасининг "Панаев Фармс" фермер хўжалиги ҳам сут йўналиши бўйича 1,3 млрд.сўм кредит маблағлари ҳисобига 305 бошли "Заанен" зотли эчкиларини олиб келиб, эчкичиликни ривожлантириш бўйича дадил қадамларни ташламоқда.
Жорий йил якунига қадар чорвачилик йўналишида 107 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилиши ва 8230 бош наслли қорамоллар чет элдан олиб келиниши режалаштирилган.