ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik, Дилшодбек Асқаров. Ўзбекистон истеъдодларга бой. Уларнинг муваффақиятлари ҳақида деярли ҳар куни эшитамиз, ўқиймиз. Ана шундай ёшлардан бири Умиджон Маҳмудов бўлиб, у Япониянинг Хосей университетида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди ва сиёсатшунослик фанлари доктори унвонига сазовор бўлди.
Илм-фанга қизиқиш, олимликка интилиш Умиджоннинг қонида бор. Унинг бобоси Муҳсин Қодиров Ўзбекистон фан арбоби, санъатшунослик фанлари доктори, профессор бўлган, бувиси Дилбар Маҳмудова эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист. Умиджоннинг отаси профессионал рассом, доцент бўлиб, Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтида дарс беради, онаси эса театршунос профессор, узоқ йиллардан буён Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида фаолият кўрсатади.
Умиджон Тошкент давлат шарқшунослик институти қошидаги академик лицейда ўқиётганида япон тилини ўргана бошлаган. Ўша пайтларда унда Японияда ўқиш истаги уйғонган. Лицейни битириб шарқшунослик институтининг халқаро муносабатлар факультетига ўқишга кирган Умиджон иккинчи курсдалигида япон тилидан имтиҳонда биринчи ўринни қўлга киритиб Японияда ўқиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Хосей университетининг ҳуқуқ факультетида таълим олган Умиджон Тошкентга қайтгач, "Япон-Америка ҳарбий иттифоқчилиги мисолида Узоқ Шарқдаги хавфсизлик масалалари" мавзуида диплом ишини ёзди. Унинг диплом иши юқори баҳоланди ва Япония ҳукумати гранти эвазига магистратурани Хосей университетида давом эттиришни тавсия қилинди.
У 2011-2014 йилларда Япония гранти асосида халкаро сиёсат йўналиши бўйича магистратурада, 2014-2017 йилларда сиёсатшунослик йўналиши бўйича докторантурада таҳсил олди.
Япониянинг Марказий Осиё минтақаси билан муносабатларига бағишланган илмий ишини тайёрлаш жараёнида Умиджон Япония ташқи ишлар вазири Ёрико Кавагучи, мамлакат собиқ бош вазирлари Ёшихико Нода ҳамда Наото Кан, Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Цуёши Саито, ташқи ишлар вазирлиги Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси бўлими бошлиғи Жун Наназава, ЮНЕСКО собиқ бош директори Коитиро Мацуура каби шахслар билан учрашиб фикр алмашди ва докторлик диссертациясини бойитиб борди.
У яқинда, 29 ёшида сиёсатшунослик фанлари доктори унвонини олди. Шуни таъкидлаш жоизки, бу йил турли йўналишларда 10 нафар киши докторлик даражасига эришган бўлса, уларнинг ичида энг ёши айнан Умиджон ҳисобланади.
"Ўзбекистон ва Япония олий таълим тизимида қандай тафовутлар бор" деган саволимизга у "бизда талабалар Олий таълим вазирлиги тасдиқлаган фанларни ўрганишади, у ерда эса талабалар асосан ўзларига керакли фанларни танлашади", деб жавоб берди. Унинг айтишича, биринчи ва иккинчи курсларда асосий-мажбурий фанлар ўқитилади, лекин фанларни танлаш имконияти сақланиб қолади.
Ҳозирда универститетда профессор ассистенти лавозимида ишлаётган Умиджон келгусида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги тизимида ишлашни режалаштирган.
"Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий муносабатлардаги фаоллиги кучайган бугунги даврда мамлакатимизга ёш мутахассислар ҳар доимгидан ҳам кўпроқ зарур деган фикрдаман. Ватаним тараққиётига ўз ҳиссамни қўшишга доим тайёрман. Ўзбекистонда ишлаш мен учун шараф", дейди Умиджон.