ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Фарғонада паррандачилик мактаби иш бошлади, деб хабар қилди O‘zLiDeP матбуот-хизмати.
Мазкур мактаб Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлатлаш маркази вилоят бошқармаси томонидан "Оилавий корхона истиқболлари" лойиҳаси бўйича қўлга киритган 25 млн. сўм гранд эвазига ташкил этилди.
"Ўқувларда аҳолига паррандачилик фаолиятини амалиётда кўриб ўрганишлари учун мазкур мактабда барча шароитлар яратилди. Хусусан, 1000 та тухумга мўлжалланган махсус инкубатор ва 50 дона товуқ ҳарид қилдик, — дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши Бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлим мудири Хакимжон Рахмонов. —Машғулотлар давомида иштирокчиларга инкобатор билан ишлаш амалиёти ўргатилиб, очиб чиққан жўжалар уларга ўз фаолиятларини бошлашлари учун бўлиб берилади".
Шунингдек, мазкур мактабда паррандачиликни бошлаш ниятида бўлган аҳоли учун махсус ўқув-қўлланмалар, буклетлар ҳам чоп этилиб, маҳаллаларда бепул тарқатиш режа қилинган.
Мазкур Паррандачилик мактаби фаолиятини янада кенгайтириш, семинар иштирокчиларини кейинги босқичларда ҳам қўллаб-қувватлаш мақсадида улар томонидан етиштирилган маҳсулотларни O‘zLiDeP электорати бўлмиш тадбиркор ва фермерлар кўмагида ҳаридорларни жалб қилиш ва сотиш борасида ҳам амалий ёрдам бериш режалаштирилган.