ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. Mehnat.uz сайтининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида товуқ ва лимон хўжалиги бўйича тавсияномалар берилди.
Роликка кўра, тухум туғадиган товуқлар орасида мутахассислар Ломанн, Декалп, Хай-лайн ва Радонит-3 зотларини боқишни тавсия этади.
Ҳозирда Ўзбекистон бозорларидаги тухумларнинг аксарият қисми Ломанн зотлари улушига тўғри келар экан.
Ушбу зотли паррандалардан уй шароитида парваришлаб, 1 йилда 250-270 донагача тухум олинади, деб хабар қилинган роликда.
Қандай қилиб миллионлаб соф даромад олиш мумкин, деяпсизми?
"Юзта товуқдан кунига 60-70та тухум олинади. Бир дона тухум нархи ўртача 450-500 сўмни ташкил этса, кунига 30-35 минг сўмгача даромад қилиш мумкин, дегани. Бу бир ойда 1 миллион сўмдан зиёд, бир йилда эса 12 миллион сўмни ташкил этади" дея изоҳ берилади роликда.