Telia Ўзбекистондаги пора иши сабабли 1 млрд долларга яқин жарима тўлайди

© TeliaSoneraЛоготип шведской компании TeliaSonera
Логотип шведской компании TeliaSonera - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Пуллар АҚШ Адлия вазирлиги, Америка қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси ҳамда коррупция ишини текширган Швеция ва Нидерландия прокуратураларига ўтказилади

ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Швециянинг Telia телекоммуникация компанияси Ўзбекистонда пора бергани учун 965 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди, деб хабар берилди компания томонидан.

Telia Company АҚШ Адлия вазирлиги, Америка қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси ҳамда коррупция ишини текширган Швеция ва Нидерландия прокуратуралари билан келишувга эришди.

"Бугунги келишув Telia компанияси тарихидаги омадсиз бобни якунлайди. Янги директорлар кенгаши ва раҳбарият 2013 йилдан буён қандай хатога йўл қўйилганлигини англаш ва хатоларни тузатиш, биз манфаатдор бўлган барчанинг ишончини қайта қозониш учун шижоат ва масъулият билан ишламоқда", — Telia компаниясининг президенти ва бош ижрочи директори Йохан Деннелинд.

АҚШ ва Нидерландия ҳукуматлари Telia компанияси 2007 йилда Ўзбекистонда лицензия олиш учун пора сифатида Гибралтардаги Takilant офшор компаниясига 330 миллион доллар ўтказиб берганини аниқлашган. Бу компания расман Гулнора Каримованинг яқин дугонаси ва ишончли одами Гаянэ Авакянга қарашли бўлган.

Швециядаги TeliaSonera офиси - Sputnik Ўзбекистон
Гулнорага берилган пора, ёхуд нега TeliaSonera Ўзбекистондан кетмаяпти

Teliaнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси бўлган Coscom ҳам айбловни тан олган. Компанияга қўйилган 548 миллион доллар жарима АҚШ Адлия вазирлигига, 417 миллион долларлик товон пули АҚШ қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссиясига тўланади. АҚШ Адлия вазирлигига тўланадиган пулнинг ярми Нидерландия прокуратурасига, АҚШ қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси тўланадиган пулнинг ярми Швеция прокуратурасига берилади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Европадаги қатор тергов органлари ОАВда Teliaнинг пора берганлиги ҳақида мақолалар чоп этилганидан сўнг ўз суриштирув ишларини бошлаган эди. Юзага келган жанжалдан сўнг TeliaSonera ички суриштирув ўтказилгани ва тўрт нафар топ менежерлар ишдан бўшатилганини маълум қилганди. Кейинчалик компания TeliaSonera номини Telia Company номига ўзгартирган.

Янгиликлар лентаси
0