ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. TeliaSonera швед-фин телекоммуникация гуруҳи ўзининг Ўзбекистондаги активи — Ucell бренди остида фаолият юритаётган Coscom компаниясини сотишга ҳаракатини қўйгани йўқ, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Компания нега бу қарорга келгани ҳақида турли сабаблар айтилган бўлса-да, асосий важ сифатида TeliaSonera республика бозорига кириб келиши билан боғлиқ йирик коррупцион жанжал кўрсатилган эди. Европа ва Америка ОАВлари операторни ўзбек мансабдорларига, хусусан, биринчи президентнинг қизи — Гулнора Каримовага пора берганликда айблашди.
Мисол учун, швед телевидениеси TeliaSonera 2007 йилда Ўзбекистонда лицензия олаётган вақтда Гибралтарнинг ошфор Takilant компаниясига 330 миллион доллар миқдорда порани тўлагани ҳақида сюжет намойиш этди. Ҳаммаси ҳам майли, аммо ушбу компания расман — Гаяне Авакян, Гулнора Каримованинг яқин дугонаси ва ишончли вакилига тегишли бўлгани боис, оқибатда, ўтказилган пуллар кимнинг чўнтагига бориб тушгани аниқ ва равшан эди…
Гаяне Авакянга тўхталадиган бўлсак, 2014-йилнинг февралида Ўзбекистон Бош прокуратураси унга ва Гулнора Каримованинг яна бир нечта яқин ёрдамчиларига чет элда сохта компанияларни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, чет эл валютасини яшириш ва республика сарҳадидан ташқарига олиб чиқиб кетиш бўйича айбловлар эълон қилган эди. Май ойи охирида Ўзбекистон Ҳарбий суди Гаяне Авакян ва яна 14 кишига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича айблов эълон қилди. Суд ушбу иш бўйича барча фигурантларни криминаллашган жиноятларда айбдор деб топди ва барчасига узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
"Бу жараён икки йилдан бери давом этмоқда. Компания ҳали сотилгани йўқ, балки сотилиб қолар. Бу иш билан Стокгольмдаги таъсисчилар шуғулланишмоқда. Эҳтимол янги соҳиблар пайдо бўлар, аммо ким ва қачон деган саволларга изоҳ бера олмайман. Мен шунчаки бехабарман", — деган Грюнберг.
Ўзбек ва чет эл аналитикларининг аксарияти эса сўнгги вақтларда активлар савдоси жараёни иккинчи планга ўтганини гапиришмоқда. Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг иқтисод ҳамда бошқа соҳадаги либерализация жараёнлари бошлангач, эҳтимол компания Ўзбекистонда бизнес учун шароитлар қанчалик ўзгаришини кутишга қарор қилгандир.
Бошқа мутахассисларнинг сўзларига кўра, TeliaSonera бўлиб ўтган йирик коррупцияга оид жанжалдан сўнг ўзбек операторига мос мижозларни топа олмаяпти, холос. Шу боис ҳам у шошилмаяпти, арзон сотиб қўймаслик учун.