ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Россия пойтахтида "Москва" савдо маркази ёнида юз берган можародан сўнг полициячилар томонидан 50дан ортиқ киши ушланди, деб хабар қилди РИА Новости ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбадан олинган хабар асосида.
РИА Новости манбасининг хабарига кўра, савдо маркази посбонлари томонидан марказда юк ташувчи бўлиб ишловчи мигрантнинг дўппосланиши можарони келтириб чиқарган.
Можаро иштирокчиларининг барчаси полиция бўлимига олиб келинган.
РИА Новости манбаси ушланганлар сони 50 кишидан зиёдлигини айтган.
"Ҳозирда миграция учети базаси бўйича тпекширувлар олиб бориляпти", — деб хабар қилган ҳуқуқ-тартибот органи ходими нашрга.
Янги Москва ва Санкт-Петербургдаги тўполон
Жорий йилнинг август ойи бошларида Новая Москвадаги қурилиш майдонида мигрантлар иштирокида йирик тўполон юз берган эди. Арманистон ва Ўзбекистон давлатларидан бўлган мигрантлар иштирокидаги бу тўқнашув қурувчилардан бипи том бошидан ахлат тўка бошлагани туфайли юзага келган.
Можаро оқибатида олти киши жароҳатланган ва касалхонага тушган.
2016 йилнинг июн ойида Санкт-Петербург яқинидаги Кудрово қишлоғидаги қурилиш майдонида мигрантлар иштирокида яна бир жанжал юз берган. ОАВларда тарқалган хабарларга кўра, жанжал қурувчилардан бирига автомобил лой сачратиб ўтиб кетиши туфайли юзага келган. Муштлашувда 40га яқин мигрантлар иштирок этган ва улардан 17 нафари кейинчалик ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган.