ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Ўзбекистонга ташриф буюрган Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Н.Патрушев бошчилигидаги Россия делегацияси бугун Самарқанд шаҳрида бўлди, деб хабар берди uz24.uz.
Меҳмонлар дастлаб Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мангу ором топган маскан — Ҳазрати Хизр мажмуасини зиёрат қилди. Президент қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди.
Шундан сўнг меҳмонлар Хўжа Дониёр мақбараси, дунёга машҳур Регистон ансамблини томоша қилди. Ушбу мажмуалар билан танишув чоғида Ўзбекистонда тарихий-маданий объектларни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Делегация аъзолари Самарқанддаги бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар билан танишди.