ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимлари қошида Ўзбекистон Ихтирочи аёллари уюшмаси ташкил этилди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Ихтирочи аёллари уюшмаси иқтидорли хотин-қизларни республикада фаолият юритаётган хорижий мамлакатлар элчихоналарининг фан ва таълим бўлимлари ҳамда чет эллардаги илмий изланишларни қўллаб-қувватловчи фондлар билан алоқалар ўрнатишларига ёрдамлашади.
Хотин-қизларга ўз истеъдодларини намоён қилишларига имконият яратиш мақсадида малака ошириш курслари, касб-ҳунарга йўналтирилган курслар ва маҳорат дарслари ташкил қилинади.
Хотин-қизлар томонидан яратилган ихтиролар, янги маҳсулотлар, техника, технологиялар асосида ишлаб чиқариш корхоналари очиш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилади.
Шунингдек, "Ўзбекистон аёлларининг 100 та инновацион лойиҳаси" I республика танлови ўтказилади.
Танловни ўтказишдан мақсад ихтирочилик ва рационализаторлик фаолияти билан шуғулланаётган, илмий тадқиқот ишлари олиб бораётган иқтидорли хотин-қизларни излаб топиш, олима аёллар, докторант, мустақил изланувчи, иқтидорли талаба, ихтирочи, инженер, конструктор, рационализатор ва мутахассис хотин-қизларни илмий техник ижодкорликка кенг жалб қилиш ҳамда ихтирочилик ва илмий-ижодий фаолиятларини қўллаб-қувватлашдир.