ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. 2016 йилнинг декабридан ҳозирги кунга қадар 800 нафардан ортиқ шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Тошхўжаев бугун бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2016 йилнинг декабр ойидан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон президентининг 7 та фармонига асосан жами 835 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш юзасидан мурожаатлари қаноатлантирилиб, улар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиндилар.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган шахсларнинг барчасига расмийлаштирилган паспортлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар хокимликларида тантанали равишда топширилди.
Тошхўжаевнинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистон ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси томонидан бир нечта фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилиш юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, таҳлилларга кўра, бугунги кунда республикада минглаб фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий яшаб келишларини инобатга олиб, келажакда уларнинг сони ортиб бориши кўзда тутилмоқда.
Маълумот учун, 1991 йилдан 2007 йилга қадар республикада жами 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган.