ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Ўзбекистонда 1 октябрдан бошлаб импорт божлари ва акциз солиқлари ставкалари янгиланади.
Иқтисодиёт вазирлиги томонидан мамлакатга олиб кириладиган акциз тўланадиган товарларга импорт божлари ва акциз солиғи ставкаларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилган. Унда йирик ва майда шохли қорамол, йирик шохли қорамол гўшти, балиқ маҳсулотлари, сут, картошка, ёрма, ун ва бошқа маҳсулотларга импорт божини бекор қилиш таклиф этилган. Шунингдек, қатор позициялар бўйича божларни ҳамда бир қатор товарларга акциз солиғини камайтириш таклиф этилмоқда.
Ҳужжатда айтилишича, ушбу қарордан мақсад аҳоли истеъмол талабини қондириш ва ички бозорда нархлар ўсишининг олдини олиш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга зарур ускуналар ва таркибий қисмларни, хом-ашёларни импорт қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратишдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 сентябрь куни "Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолаганди.
Унга мувофиқ, 10 сентябрдан бошлаб 42 номдаги товар турлари бўйича божхона божининг ноль ставкаси белгиланди. Саккиз турдаги товар гуруҳлари акциз солиғини тўлашдан озод этилди.
Илгарироқ шу йилнинг 1 сентябридан бошлаб гўшт, ун, ёғ ва бошқа қатор маҳсулотлар импорт божи ва акциз солиғидан озод этилганди.
Шунингдек, 15 сентябрдан бошлаб шакарқамиш ёки қандлавлаги шакари ва қаттиқ ҳолатдаги кимёвий жиҳатдан тоза сахароза учун импорт божхона божининг ноль даражаси белгиланди.