ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Cамарқанд шаҳридаги "Ёшлик" маданият ва истироҳат боғида Самарқанд, Жомбой, Булунғур туманлари ҳамда Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи бир гуруҳ ногиронларга Президент совғаси — ногиронлик аравачалари топширилди.
Тадбир давомида Шавкат Мирзиёев номидан 26 нафар ногиронга аравача ҳамда "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси Самарқанд вилоят бўлимининг дори-дармон жамланмалари топширилди.
"Ўн нафар фарзандимни камолга етказиб, уйли-жойли қилганман, — дейди Самарқанд шаҳридаги "Беруний" маҳалласида истиқомат қилувчи Матлаб Қодирова. — Юрак хуружи туфайли ногирон бўлиб қолдим. 2002 йилдан буён шу аҳволда яшайман, мустақил ҳаракатлана олмайман. Аллоҳга шукур фарзандларим, яқинларим, маҳалладошлар мени ёлғиз қолдиришмайди. Ҳар доим атрофимда парвона. Бугун Президентимиз совғасини олиб, юксак эътибордан бошим кўкка етди".
Тадбир иштирокчилари Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган дастурхон атрофида дилдан суҳбат қуришди. Иқтидорли ёш хонандаларнинг она Ватанни, меҳр-оқибатни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари йиғилганларга хушкайфият улашди.
Шу куни жами Самарқанд вилояти бўйича 100 дан зиёд эҳтиёжмандларга президент номидан ногиронлик аравачалари совға қилинди.