ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрига етиб борди, деб хабар берди "Ўзбекистон 24".
Ўзбекистон раҳбарини Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортда Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм кутиб олди.
Шавкат Мирзиёев бугун БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси умумий музокараларида нутқ сўзлайди.
Ўзбекистон президенти ташриф доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Халқаро валюта фонди тақсимловчи директори Кристин Лагард, Жаҳон банки гуруҳи президенти Жим Ён Ким ҳамда БМТ Бош Ассамблеясига ташриф буюрган бошқа давлатлар раҳбарлари билан учрашиб, музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Мирзиёев, шунингдек, кенг доирадаги Ўзбекистон — Америка бизнес-форумида иштирок этади.
БМТнинг бу галги, 72 сессияси жаҳондаги қалтис сиёсий вазиятлар, қарама-қаршиликлар ва турли йўналишларда таҳдидлар тобора ортиб бораётган бир даврда бўлиб ўтмоқда.
Кун тартибига халқаро сиёсат, хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм, айримачиликка қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экологияни асраб-авайлаш, ирқий камситишларга йўл қўймаслик каби 170дан ортиқ масала киритилган.