ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. АҚШ томонидан таклиф қилинган БМТни ислоҳ қилиш тўғрисидаги декларацияни 193та давлатдан 128таси имзолади, деб айтган Sputnik агентлигига Американинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли.
Ўз навбатида, АҚШ президенти ва ташаббус муаллифи Дональд Трампнинг таъкидлашича, БМТ қоғозбозчилик ва нотўғри олиб борилган менежмент туфайли ўз салоҳиятини тўлиқ намоён эта олмади.
"Биз сарфлаётганимизга яраша натижани кўрмаяпмиз… Бизга бутун дунё бўйлаб инсонлар ишончини тиклайдиган БМТ керак. БМТ ўтмишдаги ишламайдиган усуллар асири бўлмаслиги лозим", — деб қўшимча қилган у.
Тайёрланган декларация ўнта пунктдан иборат. АҚШ ҳужжатда турли соҳаларда ишларни мувофиқлаштиришни яхшилаш учун БМТ тузилмасига ўзгартишлар киритишга чақирган. Қўшма Штатларга кўра, бунга энг аввало, ташкилот ходимлари штатини қисқартириш орқали эришиш керак.
Трамп бундан аввал ҳам ташкилотни бир неча маротаба танқид қилган ва БМТ ғазнасига маблағларнинг энг катта қисми Америка бюджетидан келиб тушишини қайд этган.
Россия таклиф этилган ислоҳотга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Россия Федерациясининг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Москва ушбу ҳужжатни имзоламаслиги мумкин, деган фикрни билдириб ўтди. "БМТ ислоҳотини биргина декларация билан амалга ошириш ёки бу йўл билан БМТни ўзгартиришнинг иложи йўқ", — деб таъкидлади у.
Небензяга кўра, ташкилотни ҳукуматлараро жараён орқали ислоҳ қилиш лозим.