ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Ўзбекистон Бангладеш Қизил ярим ой жамиятига Роҳинья қочқинлари учун инсонпарварлик ёрдами сифатида зарур маҳсулотларни топширади.
Бангладеш Қизил ярим ой жамиятининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон вакиллари ушбу зарур маҳсулотлар ва инсонпарварлик ёрдамини бугун соат 11.00 да Бангладеш Қизил ярим ой жамиятининг миллий бош қароргоҳида топширади, деб хабар қилди Ўзбекистон Ҳукумат портали Бангладеш Қизил яримой жамияти расмий саҳифасида берилган маълумотлар асосида.
Тадбирда Бангладеш Қизил ярим ой жамияти раисининг ўринбосари Ҳабиб Миллат, ғазначи адвокат Тоуҳидур Раҳман, Бошқарув кенгаши аъзоси, Бангладеш Қизил ярим ой жамияти Бош котиби Можарул Ҳуқ, Ўзбекистон ва Бангладеш вакиллари иштирок этади.
Бангладеш Қизил ярим ой жамияти раиси Ҳафиз Аҳмед Мажумдер Ўзбекистон раҳбариятига Мянманинг Ракхайн штати қочқинлари учун юборилган инсонпарварлик ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирди.