ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Ҳафта ҳам якунига етди. Етти кун давомида ўзбекистонликларни кўп ва хўб ажаблантирган воқеалар рейтингини эътиборингизга тақдим этамиз.
Демак, ушбу ҳафта кўпчилик "ўҳў" дея қарши олган воқеалар рўйхатига: Ўзбекистон Футбол Федерациясининг эндиликда собиқ президенти Мираброр Усмонов баёноти, ўқитувчиларни калтаклаган ҳоким, Шарқнинг буюк алломалари номи билан очилаётган мактаблар ва Кремлни рақсга туширган ўзбек санъати ўрин олди.
Шов-шувли охирги нутқ
Июл ойида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш, ёш авлодни жисмоний ва маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш ишига қўшган катта ҳиссаси учун "Дўстлик" ордени билан мукофотланган ЎФФнинг эндиликда собиқ президенти Мираброр Усмонов федерация ҳисобот-конференциясидаги нутқи билан бутун республика аҳлини ҳайратлантирди.
Ўз маърузасида "Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқишга ваъда бермаганман", — деб айтгани учун Усмонов интернет фойдаланувчилари томонидан кескин танқид остига олинди.
Дарвоқе, сал ўтмай ЎФФнинг янги раҳбарияти миллий терма жамоа фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати савиясини кўтариш, халқ ва ишқибозлар билан мулоқот кўприкларини янада кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилаётганини айтиб, 10 кун ичида халққа баёнот беришга ваъда берди. Ўзбек футболи катта ўзгаришлар остонасида турибди!
"Шапалоқчи ҳоким" тавба қилди
Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиевнинг маҳаллий мактаб директорларини ҳақоратлаб шапалоқ тушираётгани акс этган видеолавҳа шу ҳафтанинг энг кўп томоша ва муҳокама қилинган видеоролигига айланди.
Айтиш жоиз, сал ўтмай, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Сайхунобод туманига келиб, "шапалоқчи ҳоким" ҳамда мактаб директорлари иштирокида йиғилиш ўтказди. Йиғилишда видеоролик қаҳрамони Эгамбердиев ўқитувчилардан узр сўради.
Ал-Хоразмийлар яна туғилиши мумкин
10 сентябр куни Қозоғистонда бўлиб ўтган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг фан ва технологиялар мавзусидаги саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мусулмон дунёсининг аксарият мамлакатлари айни вақтда фан ва технологиялар соҳасида анча ортда қолмоқда, деб таъкидлаб, шу билан бирга ислом дунёси жаҳон илм ва тамаддунига қўшган ҳиссаси билан ҳақли равишда фахрланиши мумкинлигини қўшимча қилган эди.
14 сентябр куни президент Мирзиёевнинг Мирзо Улуғбек номидаги мактаб-интернат ва ўз даврининг буюк математикларидан бири бўлган Ал-Хоразмий номидаги мактабни ташкил этиш тўғрисида қарори оммага эълон қилинди.
Кремлни ларзага солган ўзбек маданияти
12 сентябр куни Россиядаги Кремл саройида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Россияликлар биринчи кечадаёқ ўзбек рақси, куй-қўшиқлари жозибасига тан бердилар. Фаррух Зокиров залга чиқиб, "Чойхона" ва "Уч қудуқ"ни куйлаганида бутун Кремль саройи рақсга тушди.
Россия халқ артисти Юрий Стояновнинг ўзбек халқи ҳақидаги фикрлари, россиялик сиёсатчи Алексей Новоточиновнинг ўзбек халқининг уруш йилларида мамлакатга келтирилган 650 минг нафар боланинг бирортасини ҳам болалар уйларига топширмасдан ўз оилаларига қабул қилганлиги ҳақида ва бундай саховатга фақат буюк халқгина қодир эканлиги ҳақидаги сўзларидан сўнг залда гулдурос қарсаклар янгради. Биргина сўзлар билан Кремльдаги ўша онлардаги кайфиятни тасвирлаш мушкул барибир!