ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Қозоғистонда келгуси йил Ўзбекистон йили деб эълон қилинади, дея маълум қилди Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев бугун бўлиб ўтган брифинг чоғида.
"Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларда маданий-гуманитар алоқалар муҳим ўрин тутади. Биз 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йилини ўтказишга келишиб олдик. Шунингдек, Ўзбекистонда Қозоғистон йили ўтказилиши ҳам белгиланди. Ушбу доирада халқларимиз биродарлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган турли тадбирлар ташкил этилади", — деди Назарбоев.
2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили ўтказилади.
Ўзбекистон йили доирасида Қозоғистонда ўзбек рассомлари кўргазмалари ташкил қилинади, халқ усталари ҳунармандлик ярмаркаларида иштирок этишади, мусиқа ва театр жамоаларининг гастроллари уюштирилади. Остона, Алмати ва Қозоғистоннинг бошқа вилоятларида ўзбек тили, маданияти ва анъаналари кунлари бўлиб ўтади.