ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Дунёда тўйиб овқатланмасликдан азоб чекаётган инсонлар сони 815 миллионга етди. Бу ҳақда БМТнинг "Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш ишларининг ҳолати тўғрисида"ги ҳисоботида қайд этилган. РИА Новости хабарига асосан.
Очарчилик сўнгги 10 йил давомида камайиб борган эди. Лекин бугунги кунда турли ҳарбий тўқнашувлар ва иқлим ўзгариши туфайли очарчилик ҳолатлари ортиб бормоқда.
Бу ҳақида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳалқаро жамғармаси, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ва Болалалар жамғармаси томонидан катта ҳисобот тайёрланди.
Ҳисоботда 2030 йилга очарчиликни бартараф этиш бўйича БМТнинг режалари ўрин олган.
Ҳисоботга кўра, болалар орасида тўйиб овқатланмаслик ҳолатлари камайган. Дунё миқёсида 2005 йилда ривожланиш бўйича ортда қолаётган болалар сони 29 фоиздан 22,9 фоизга камайган.
Шу билан бир вақтда беш ёшгача бўлган болалар ортиқча вазндан азоб чекмоқда. 2016 йилда 41 миллион (6 фоиз) нафар шундай болалар қайд этилган. 2005 йилда бу кўрсаткич атиги 5 фоиз бўлган.
2014 йилда семиришдан 600 миллион киши азоб чеккан. Бу кўрсаткич қитъалар бўйича фарқ қилади: Шимолий Америка, Европа ва Океанияда катта ёшдаги аҳолининг 28 фоизи ортиқча вазндан қийналиб келмоқда. Осиёда эса бу кўрсаткич атиги 7 фоизни, Африкада 11 фоизни ташкил қилади.
Шу билан бирга, анемия касаллиги тарқалиши ҳамда эркак ва аёллардаги семириш ҳолатлари ҳам БМТ мутахассисларини ташвишга солмоқда. БМТ ҳисоботида қайд этилишича, ҳарбий тўқнашувлар ва иқлим ўзгаришларидан кўра, одамларнинг овқатланиш тартиби, кўпроқ ўтирган ҳолда ҳаёт кечириш ва иқтисодий аҳволнинг ёмонлашуви кўпроқ салбий таъсир қилиши эътироф этилган.