ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Бугун кечаси тахминан соат бирларда навбатдаги фожиали ЙТҲ содир бўлди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
21 ёшли қиз бошқарувида бўлган "Ласетти" автомобили йўл четида кетаётган пиёдалар устига бостириб борди. Ушбу бахтсиз ҳодиса Бунёдкор кўчасида "Оқ тулпор" ресторани олдида содир бўлди. Автомашина пиёдаларни уриб юборгач "Нексия" машинасига бориб урилган.
"Ушбу машинани бошқарган қизда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган. Автомобилнинг олд қисмидаги йўловчи ўриндиғида автомашина эгаси ўтирган. Қиз маст ҳолатда бўлмаган. Ҳозир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу ҳолат бўйича суриштирув ўтказмоқда. Дастлабки тергов бошланган", — деб маълум қилди Sputnik мухбирига Тошкент ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати.
ЙТҲ оқибатида уч киши жароҳатланган. Улар Республика шошилинч ёрдам марказига олиб борилди. Яна бир киши олган жароҳатларидан воқеа жойида ҳалок бўлди. Автомашинанинг ҳайдовчи ва йўловчилари жароҳат олмаган.