ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Наманган вилояти бўйича МХХ бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ер участкасини ажратиш борасида фирибгарлик билан шуғулланган жиноятчини қўлга олдилар, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбирига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органидаги манба.
Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи аввал судланган ва ҳеч қаерда ишламайдиган 42 ёшли Маъруф Юлдашев фирибгарлик содир этган.
"Олинган маълумотларга кўра, қўлга олинган шахс Наманган шаҳар ҳокимиятида таниш-билиши борлигини айтиб, ер участкалар ажратиш ва расмийлаштириш масаласини ҳал қилишга ваъдалар берган. Бу "ёрдами" учун 9,1 минг доллар талаб қилган. Тезкор тадбир натижасида Юлдашев пул олаётганда қўлга олинди", — деб таъкидлади МХХ вакили.
Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан Юлдашевга нисбатан Жиноят кодексининг фирибгарлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов иши олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу йил апрел ойида МХХ ходимлари томонидан Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани фермерлар кенгаши раиси Шерзод Пўлатов ва ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Элёрбек Нодиров пул олаётганда қўлга олинган эди. Улар Тўрақўрғон туманида иссиқхона ва асфалт ишлаб чиқариш корхонаси барпо этиш учун 2 гектар майдон ер учаткасини ажратилишида ёрдам бериш эвазига хусусий корхона раҳбаридан 26 минг доллар талаб қилишган.