ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Дилшодбек Асқаров. Кеча Москвадаги Кремл давлат саройида Ўзбекистон маданияти кунлари очилишига бағишланган концерт дастури барча кутганидан аъло ўтди десам адашмаган бўламан. Концерт бошланишидан бир соатча илгари сарой олдидаги майдонга келганимда ўзимни гўёки тўйга келгандек ҳис қилдим. Барча байрамона либосда, қулоғингизга тез-тез ўзбекона салом-аликлар чалинади.
Таклифномани қўлда тутганча кириш эшиги томон юрамиз. Турникет, металлодетектордан ўтгач, сарой томон юз метрча йўл босамиз.
Мана, ўша муҳташам Кремл давлат саройи. Ичкарига кирамиз. Кенг зал гавжум. Журналистлар, операторлар хизмат вазифаларини бажаришмоқда.
Концерт бошланишига озгина қолганида залга кирдик. Залнинг деярли ярми ҳам тўлмаган эди. Наҳотки бугунги концертга қизиқиш шунчалик паст дея ўйладим. Йўқ, адашган эканман. Бир неча дақиқа ичида олти минг кишини сиғдирадиган зал тўлди. Чироқлар ўчирилиб, саҳна ёритилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, актёр Фатҳулла Маъсудовнинг ширали овози мени хаёлан Ўзбекистонга олиб кетди. Ўзимни гўёки Ўзбекистонда концерт томоша қилиб ўтиргандай ҳис қилдим.
Саҳнага Ўзбекистон халқ артистлари Муяссар Раззоқова, Рамиз Усмонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Ширин Маматовалар чиқиб келишди. Улар ижросидаги қўшиқ ва раққосалар рақси билан бадиий дастур бошланиб кетди.
Сўнгра саҳнага Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева таклиф этилди. Ўша овоз, ўша чеҳра, ўша ўзбек дўпписи, ўша ўрилган сочлар, ўша миллий ўзбек либоси. Бундан ўттиз йил илгари мен кўрган Муножот Йўлчиева бугун ҳам худди ўшандай. Унинг овози бутун зални сеҳрлади.
"Ўзбекистон" ва "Навбаҳор" рақс ансамбллари ижросидаги рақслар ўзбек миллий рақсининг ҳақиқий жозибасини намойиш этди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида беш миллион нафар қочоқни қабул қилган ўзбек элининг матонати, жасорати ва буюк меҳрибонлиги асло унутилмаслигига концерт давомида ишонч ҳосил қилдим.
Ўзбекистон халқ артисти, кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовнинг "Сен етим эмассан" фильмидан парча кўрсатилганида беихтиёр бўғзимга нимадир тиқилди, кўзимга ёш келди. Россия халқ артисти Юрий Стояновнинг ўзбек халқи ҳақидаги фикрлари, россиялик сиёсатчи Алексей Новоточиновнинг ўзбек халқи Ўзбекистонга уруш йилларида келтирилган 650 минг нафар боланинг бирортасини ҳам болалар уйларига топширмасдан ўз оилаларига, ўз бағирларига қабул қилганликлари, бундай саховатга фақат буюк халқгина қодир эканлиги ҳақидаги сўзларидан сўнг залда гулдурос қарсаклар янгради.
Абдуҳошим Исмоилов бошчилигидаги созандаларнинг ижролари ҳам олқишлар билан қарши олинди. Машҳур ғижжакчимиз созни шундай сайратдики, агар Ванесса Мэй залда бўлганида Абдуҳошим акага шогирд тушган бўларди, деб ўйладим.
Севара Назархон ўз овози билан Россияда кўпчиликнинг меҳр ва ҳурматини қозонгани унинг саҳнага чиқиб келишида гулдурос қарсак ва олқишлар билан кутиб олинганидан аён бўлди.
Гулсанам Мамазоитованинг шўх қўшиғи бошлангач, мен ўйлаган ва кутган ҳолат содир бўлди. Залнинг у ер-бу еридан томошабинлар ўринларидан туриб, рақсга тушишни бошлаб юборишди.
Тўлқин Жабборов ижросидаги "Лазги" эса деярли барчани ўрнидан туриб рақсга тушишга чорлади.
Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров бошчилигидаги "Ялла" гуруҳининг "Чойхона" ва "Учқудуқ" қўшиқларига бутун залдаги томошабинлар жўр бўлишди.
Умуман олганда, кечаги концерт ўзбек маданияти ва санъатининг қадим тарихга эга эканлигини, ўзбек замини истеъдодларга тўла эканлигини, ўзбек санъаткорлари дунёнинг исталган мамлакатидаги саҳналарда мухлислар қалбини забт эта олишларини намойиш этди.
Юқорида номлари тилга олинган санъаткорлардан ташқари, Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Камолиддин Ўринбоев, Юлдуз Турдиева, Ойгул Нодирова, ёшлар симфоник оркестрининг чиқишлари ҳам барчанинг олқишига сазовор бўлди.
Мазкур концертни ташкиллаштирган ташкилотчилар, режиссёрлар иши ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ. Санъаткорларнинг либосларидан тортиб танланган қўшиқларгача, саҳна ортидаги улкан экранда ҳар бир қўшиқ учун танланган лавҳалардан тортиб саҳна безагигача — барча-барчаси ажойиб.
Концерт дастури очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ажойиб бир лутф қилди.
"Биз Россияга нафақат ўзбек санъати, маданиятини, балки Ўзбекистон ҳароратини ҳам олиб келдик", деди у.
Дарҳақиқат, ора кунда қовоғини солиб оладиган, шаррос ёмғир қуйиб юборадиган Москва осмони кеча оқшомда ҳам қуёшли эди. Меҳр нурига тўла ўзбек қуёши Москвада нур сочиб, барчага илиқлик бахш этаётгандек эди гўё.
Ишончим комилки, кечаги концерт давомида тароват бахш этган ўзбек санъати ва маданияти тафти барчанинг қалбида абадий сақланиб қолади.