ТОШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Жума куни, ўзбек маданияти фестивали доирасида рекорд даражадаги палов тайёрланди. Таомнинг умумий оғирлиги 7,3 тоннадан зиёдни ташкил этди. Аммо мана шундай чиройли байрам палов тарқатилишида юзага келган тартибсизлик туфайли аксарият меҳмонларга татимади. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг аксарияти ўз ватандошларининг бундай ҳатти-ҳаракатларини бир овоздан "шармандачилик" дея баҳолашди.
Айни вақтда ижтимоий тармоқларда "ош учун жанг" тасвирланган роликлар тарқатилиб, видео остида қолдирилаётган изоҳлар ҳам ортиб бормоқда. Troll.uz томонидан палов учун навбатда туриш акс этган видеороликка 300дан ортиқ ўта танқидий изоҳлар қолдирилган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу ҳатти-ҳаракатлар ўзбек халқи учун шармандагарчиликнинг ўзгинаси.
"Ҳозир кўриб ҳайратдан қотдим! Шармандалик! Кап-катта аёлларни қаранг, эҳ уятсизлар…! Ўзини қадрини овқатга алмаштирган одамзод!", — деб изоҳ қолдирган Сокин Қалб никли фойдаланувчи.
Яна бир фойдаланувчи эса, бу ҳатти-ҳаракат билан тадбир меҳмонлари "Африкани ортда қолдиришди" дея писанда қилган.
"Катта палов фестивалида қорин дардида ош талашаётган эс-ҳушли инсонларни кўриб ҳайрон қолдик. Сал қолса, ош йўқ деган милиционерларни ҳам еб қўярдилар. Ҳаммаси ҳам майли, сквердаги газонларга раҳмим келяпти", — дея изоҳ қолдирган Дон Вито никли фойдаланувчи.
Тадбирда бўлган аксарият фуқаролар эса ур-сурга қолишни истамай, эртароқ уйга қайтишгани ҳақида ёзишган.
"Аввалига ҳаммаси жилмайиб юришганди, палов тайёр бўлиши билан ҳаммасининг қўлида қаердандир тоғорачалар пайдо бўлди, қўйдай бир-бирини суза бошладилар", — деб ғазабини яширмаган иштирокчи меҳмонлардан яна бири.
Журналист, телебошловчи Дилшода Матчанова ориятсиз, ғурурсиз инсонлар қаердан пайдо бўляпти, дея савол берган.
"Катта бошламаса ошга қўл узатишга уялган сабрли ўзбегим. Эри урса кўчага чиқиб уйидагини ошкор этишга ор қиладиган, ош пиширса қўшнисига илинадиган ўзбегим. Уйига меҳмон келса, болаларига эмас, меҳмонга энг яхшисини тортадиган ўзбегим! Уйимда ноним йўқ, очман, дейишга уяладиган, ғурурли,ОРИЯТЛИ ўзбегим! Уйида нон қолмаса қўшнидан сўрашга ийманадиган ўзбегим! ҚАНИСАН????! ЕР ЮТДИМИ У ЎЗБЕКЛАРНИ?! ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛДИ БУНДАЙ ОРИЯТСИЗ, ҒУРУРСИЗ ИНСОНЛАР?!", — деб ёзган Матчанова.
Аввалига палов Тошкент шаҳрининг 14та жойида тарқатилиши ҳақида хабар қилинган эди, аммо одам тиқилинч бўлиб кетгани учун тайёрланган таомни болалар уйига топшириш ҳақида қарор қабул қилинган.
Тадбир давомида жароҳатланганлар ёки қўлга олинганлар ҳақида маълумот ҳеч қаерда берилмади.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Тошкент шаҳрида тайёрланган ва Гиннеслар китобидан ўрин олган паловнинг умумий оғирлиги 7360 кг ташкил қилди.