ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. 9 сентябрь куни бўлиб ўтадиган "Asian fight 2017" мусобақасининг фахрий меҳмони Стивен Сигал пойтахтга ташриф буюрди. Бу ҳақда championat.asia хабар бермоқда.
Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида бўлиб ўтадиган Asian Fight-2017 халқаро турнирида ўзбекистонлик 8 нафар спортчи Сингапур, Афғонистон, Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Кипр мамлакатларининг жангчилари билан куч синашишади.
Ушбу турнирда спортнинг яккакураш турлари бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатларида совринли ўринларни эгаллаган Маҳмуд Муродов, Анвар Бойназаров, Жасур Мирзамуҳаммедов, Улуғбек Умаров, Ҳасанхон Баратов, Муҳаммадали Тоштурғунов, Исроил Расулов, Аюбхон Камолов ва Аҳлиддин Мирзадавлатов Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Голливуднинг таниқли киноактёрларидан бири, айкидо бўйича 7-дан қора белбоғ соҳиби Стивен Сигал мусобақани фахрий меҳмон сифатида кузатиб боради.
8 сентябр куни Стивен Сигал "Ўзбегим" миллий фестивалида рекорд палови тайёрлаш жараёнида иштирок этиши, спортчилар учун мастер-класслар ўтказиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ турнирга Голливуд юлдузи Жан Клод Ван Дамм ва аралаш жанглар устаси Жефф Монсонлар таклиф этилган, бироқ Ван Даммнинг бетоб бўлиб қолиши сабабли, унинг ташрифи бекор қилинганди. Ташкилотчилар шунингдек, Жефф Монсоннинг ташрифини ҳам бекор қилишган ва уларнинг ўрнига Стивен Сигални таклиф этишган.