ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Куни кеча Ўзбекистон президенти расмий сайтида 5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда валюта алмаштириш ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилиши ҳақида хабар эълон қилинди.
Фармон билан Ўзбекистон ҳудудида халқаро амалиётга мувофиқ равишда халқаро пластик карталар ёрдамида тўловларни амалга оширишни истисно қилган ҳолда товарлар, ишлар ва хизматлар учун хорижий валютада тўловларни амалга ошириш тақиқланди.
Маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар нархлари ва тарифлари, шунингдек жамиятлар устав капиталининг энг кам талаблари эндиликда фақатгина миллий валютада белгиланади.
Шавкат Мирзиёев буйруғига биноан ҳуқуқ-тартибот органлари республика ҳудудида нақд хорижий валютанинг ноқонунний айланмасига қарши кескин кураш олиб борадиган бўлишди.
Мазкур Фармон оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши билан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари президент Фармонида белгиланган чора-тадбирлар оқибатлари ҳақида қизғин баҳсга киришиб кетдилар.
"Бўлар экану, ҳали биз тайёр эмасмиз, халқимиз тайёр эмас, деган афсонавий гаплар тугади", — деб ёзган Фаррух Худойназаров ники остидаги фойдаланувчи.
"Президент томонидан қабул қилинган фармон анчадан бери газак олиб келаётган муаммо ечими сари қўйилган қадамдир. Аммо бизнинг банк тизимимиз бунинг уддасидан чиқа оладими, бу катта сўроқ остида. Шу ерда ҳам таваккалчилик ортидаги йўқотишларнинг ҳаммаси карточка соҳиблари зиммасига юклатилган. Эркин конвертация масаласини конверкаточкалар ёрдамида ҳал қилиш — республикада пластик карталар жорий қилинган даврни эсга солмоқда. Ахир, ҳаммамиз биламиз, банк тизими пластик карталарнинг нормал инфратузилмасини йўлга қўйиб олмагунига қадар қанча-қанча қийинчиликларни бошдан кечирдик.
Орадан шунча йиллар ўтса ҳамки, карточкалардан нақд пул ечиб олиш муаммоси ҳалигача ҳал этилмаган. Шу билан бирга, буларнинг барчаси ички бозор муаммолари ҳисобланади, улар ҳал этилмоқда, аммо конверкарталар билан боғлиқ муаммолар анча мураккаб. Сабаби улар биринчи галда республика банклари томонидан жаҳон банкларида очилган корреспондентлик ҳисоб рақамлари тармоғига, ушбу ҳисоб рақамларнинг зарур миқдордаги валюталар билан тўлдириб борилишига ва умуман, ташқи иқтисодий фаолиятга боғлиқ. Шу боис тахмин қилиш мумкинки, токи бошқа банклар ҳам валюта операцияларида аниқ бир ютуқларни қўлга киритмагунларига қадар бу масалада Ўзбекистон Миллий банки монополистга айланади ва, табиийки, барча муаммолар айнан шу ерда пайдо бўлади", — деб ёзган Ш. Бобоходжаев.
"Банк шаҳобчаларини яна мафия эгаллаб олади", — деб Бобоходжаев фикрини маъқуллаган Нигора исмли фойдаланувчи.
Шунингдек, аксарият фойдаланувчиларни банкларда энди долларнинг расмий курси неча сўм бўлиши ҳақидаги савол қизиқтирган.
Эслатиб ўтамиз, Президент Фармонида миллий валютанинг хорижий валютага нисбатан курси бозор механизмлари асосида ўрнатилиши белгиланган бўлсада, банклар валютани неча сўмдан сотиб олишлари борасида расмий хабар эълон қилгани йўқ.