ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Куни кеча Ўзбекистон президентининг "Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича дастлабки чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони эълон қилинган эди. Ҳужжатда 5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда валютани эркин алмаштириш мумкинлиги қайд этилган эди.
Куни кеча вилоятлардаги "қора бозор"ларда юз доллар нархи 770-760 минг сўмни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда валютачилар халқдан 100 долларни 730-750 минг сўмдан сотиб олишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча эълон қилинган Фармонида Ўзбекистондаги "қора бозор"ларни йўқ қилиш ҳам кўзда тутилган. Самарқанд вилоятининг айрим туманларида ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланадиган дўконлари олдида тонг саҳардан ички ишлар ходимлари навбатчилик қилишгани кузатилган бўлса-да, соат 10лардан бошлаб ушбу дўконлар ўз фаолиятини одатдаги тарзда давом эттира бошладилар.
Валютачилар фаолиятида фақат доллар курсида ўзгариш — яъни курснинг пасайиши юз берди, холос.