ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Жисмоний шахслар учун чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш тартиби соддалаштирилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президентининг "Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига келтирилган шарҳда айтиб ўтилган.
Шунингдек, фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида байрам ва дам олиш кунларида валюта айирбошлаш шохобчаларининг узайтирилган иш тартибини жорий қилиш белгиланган.
Ҳужжатда шунингдек, "Конверсион бўлимлар орқали чет эл валютасини сотишда олинадиган воситачилик ҳақи миқдорини имкон даражасида пасайтириш чораларини кўриш ҳамда халқаро тўлов карталаридан хорижда фойдаланишда мавжуд барча чекловларни бекор қилиш назарда тутилган"и ҳақида қўшимча қилинган.
Шу билан бирга, маҳсулот ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва фермер хўжаликларининг экспорт фаолиятини рағбатлантириш мақсадида уларга чет эл валютасидаги даромадларини ўз хоҳишига кўра эркин тасарруф этиш, бунда банк ҳисобварақларидан нақд чет эл валютасини ечиб олишгача бўлган ҳуқуқ берилади, деб қайд этилган ҳужжатда.