2 сентябрь — Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафот этганига бир йил тўлди.
Куни кеча, Мустақиллик байрами арафасида, Ўзбекистон пойтахти — Тошкент шаҳрида, Ислом Каримов узоқ йиллар фаолият олиб борган Оқсарой қароргоҳи олдида у кишининг ҳайкали очилган эди.
Бугун эса Биринчи Президентимиз туғилиб ўсган, камолга етган ва мангу ором топган Самарқанд шаҳрида Ислом аканинг сиймоси акс этган ҳайкални очаётганимиз эл-юртимизнинг ушбу улуғ инсонга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромининг яна бир амалий ифодасидир.
"Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти мустақиллик йилларида Самарқанд шаҳрини тубдан обод қилиш, унинг тарихий ва замонавий қиёфасини уйғунлаштиришга қаратилган улкан ишларга бевосита раҳбарлик қилди.
Имом Бухорий, Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуаларини барпо этиш, Шоҳи Зинда зиёратгоҳи, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Ҳазрати Хизр масжидини таъмирлаш, обод қилиш, янги уй-жойлар, майдон ва хиёбонлар, ижтимоий ва маданий объектлар қуриш ишларида Ислом аканинг беқиёс ҳиссаси борлигини, ишонаман, Самарқанд аҳли ҳеч қачон унутмайди.
Ислом Абдуғаниевичнинг ташаббуслари билан 2007 йили Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик қутлуғ санаси ЮНЕСКО иштирокида кенг нишонлангани тарихимизда ёрқин саҳифа бўлиб қолади", — деган ўз нутқи давомида Мирзиёев.