ТОШКЕНТ, 2 сен — Sputnik. Бир йил муқаддам, 2 сентябр куни Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов инсульт оқибатида вафот этгани ҳақида хабар қилинган эди. Ўзбекистонни қарийб 25 йил бошқарган инсон орамизда йўқлигига 1 йил тўлди.
Одамлар тонг саҳардан ҳайкал очилиши тадбирини томоша қилиш учун Регистон атрофига тўпланишган бўлса-да, омад фақат чақирилган меҳмонларга кулиб боқди. Тадбирга йўл олган фуқароларнинг аксариятини "гражданский формаси"даги қўриқчилар тадбир бўлиб ўтаётган майдон ичига киритишмади.
Ислом Каримов ҳайкали очилиши маросимини томоша қилиш истагида Регистон атрофида тўпланганлар орасида шаҳар аҳолисигина эмас, сайёҳлар ҳам бор эди. Улар "Майдон қачон очилади?", "Қайси вақтда ҳаммаёқни бемалол томоша қилиш мумкин?", деган саволларни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига тинмай беришар эди.
Айтиш жоизки, шу бугун Ислом Каримов дафн этилган Ҳазрати Хизр мажмуасида ҳам зиёратчилар мўл бўлди. Одамлар келиб, мажмуа олдида тўпланишар, улар сони 30 нафарларга яқинлашиши билан, мажмуа олдида хизматда турган милиция ходимлари "Кирингизлар" деб кўрсатма берар ва йиғилганлар тартиб билан ичкарига киришар эди.
Ичкарида Ислом Каримов мақбараси олдида стуллар қўйилган бўлиб, кирганлар улардан жой олишгач, имом Қуръон тиловат қилар, тиловатдан сўнг ташриф буюрувчилар навбатдаги зиёратчиларга ўрин бўшатишар эди.
"Обод масканга айланибди Шоҳи-зинда қабристони. Илоҳим, Ислом Каримовнинг жойларини жаннатдан ато этган бўлсин", — деди чиқиб кетаётган фуқаролардан бири.
Ҳайкал ўрнатилган майдон ҳам очиқ деб эълон қилингач, Ўзбекистон фуқаролари ва шаҳар меҳмонлари ҳайкални томоша қилиш учун гуруҳ-гуруҳ бўлиб кела бошладилар. Ўзбекистоннинг Биринчи президенти хотирасини ёд этиш учун келаётганлар орасида 7 ёшдан 70 ёшгача фуқаролар борлигини кузатиш мумкин эди.
Ўзбекистон халқи истиқболи, унинг келажаги учун куйиб-ёниб яшаган президент Ислом Каримов ўз чиқишларининг бирида шундай деган эди: "Менга юксак ишонч билдирган она халқимга бош эгиб, яна ва яна бир бор таъзим қиламан. Мана шундай олижаноб, бағрикенг халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш - мен учун энг юксак шараф, олий саодатдир!".
Бугун Ўзбекистон халқи ўзига садоқат билан хизмат қилган раҳбар хотирасини ёд айлаб, ва ўз навбатида Биринчи президентга таъзим айлади ва бу билан қалбидаги Ислом Каримовга бўлган меҳр-муҳаббатини яна бир карра намойиш қилди.