ТОШКЕНТ, 2 сен — Sputnik. Бугун Самарқанд шаҳрида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳайкали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, вилоят фаоллари, нуронийлар, ёшлар жам бўлди.
Шавкат Мирзиёев дастлаб Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Шавкат Мирзиёев ва Татьяна Каримова Ислом Каримов ҳайкалини очди. Биринчи Президент ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Биринчи Президент ҳайкали пойи гулларга бурканди.
Ҳайкал Регистон майдони ёнидаги хиёбонда, Ислом Каримов туғилиб ўсган хонадон яқинида ўрнатилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов туғилиб ўсган хонадонга ҳам ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилиниб, элга эҳсон дастурхони ёзилди.
31 август куни Тошкентда, Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов ҳайкалини очилганди.