ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот-хизмати.
Эрдўғон Туркия халқи ва ўз номидан Мирзиёевни ва кўп миллатли Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 26 йиллиги ва муборак Қурбон ҳайити билан чин дилдан табриклади, дейилади хабарда.
Суҳбат давомида турли даражадаги алоқалар жадаллашгани, ўзаро ишончга асосланган амалий руҳдаги сиёсий мулоқот ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичда ривожланмоқда.
Бугунги кунда ўзаро савдо-сотиқ ҳажми барқарор ошиб бораётгани кузатилмоқда. Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида замонавий юқори технологияли корхоналар ташкил этиш ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш устида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик кўлами сезиларли даражада кенгайди, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги алоқалар ривожланмоқда.
Давлатлар раҳбарлари бўлажак олий даражадаги учрашувлар икки қардош халқ ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, кенг кўламли ва ҳар томонлама Ўзбекистон-Туркия шериклигини чуқурлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.