ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида ташкил этилаётган Ислом маданияти маркази номини Ислом цивилизацияси маркази деб ўзгартиришни таклиф этди, деб хабар қилинди Ўзбекистон президенти расмий сайтида.
"Биз аждодларимиз билан доимо фахрланиб келганмиз. Шундай экан, ўзимиз ҳам уларга муносиб бўлишимиз керак. Ташкил этилаётган марказда ҳам бунинг учун барча шароитларни яратиш, етук олимларни жалб қилиш лозим. Мазкур соҳага оид адабиётларни жамлаш, чет элларда бўлса, юртимизга олиб келиш чораларини кўриш зарур. Бундан ташқари, мамлакатимиздаги диний йўналишдаги тўққизта ўрта махсус ва иккита олий таълим муассасаси ҳам марказ ихтиёрига ўтказилади. Бу ерда сабоқ берадиган ўқитувчилар билими ва савиясига алоҳида эътибор қаратиш даркор", —, деди Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев ислом дини тарғиботида Ўзбекистон юзи бўлишини таъкидлаб, унинг ташқи кўриниши, у ерда ишлатиладиган қурилиш материалларига ҳам эътибор қаратиш лозимлигини қайд этган. "Одатдаги, кўзимиз ўрганиб қолган лойиҳалардан воз кечиб, янги шакл ва дизайн топишимиз керак", — дея топшириқ берган президент.
Лойиҳаларда марказ қурилиши муносабати билан бошқа жойга кўчириладиган аҳоли янги замонавий уй-жойлар билан таъминланади.