ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президентига Мустақиллик байрами муносабати билан табрик телеграммасини йўллади.
"Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётда эришган муваффақиятлари барчага маълум. Ўзбекистон жаҳон миқёсида юксак нуфузга эга мамлакат сифатида халқаро муҳим масалаларни ҳал этишда алоҳида ўрин тутади.
Давлатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлайман. Ўзаро алоқаларнинг барча йўналишлари бўйича ҳамда Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги ишларни Сиз билан биргаликда давом эттиришга тайёр эканимни тасдиқламоқчиман. Ишончим комилки, бу Россия ва Ўзбекистон халқларининг манфаатларига тўла мос келади.
Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, чин қалбимдан мустаҳкам соғлиқ ва муваффақиятлар, халқингизга бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.
Ҳурмат билан, Владимир Путин, Россия Федерацияси Президенти", — дейилган табрик телеграммасида.