ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Бугун 31 август куни эрта тонгда Оқсарой резиденцияси олдида минглаб одамлар жамланишди. У ерда Ўзбекистон Биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкали очилиши маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Uzlife.uz нашри.
Ҳайкал очилиш тантанали маросимида Ислом Каримовнинг оила аъзолари, вазирлик ва дипломатик ваколатхоналар вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, журналистлар ва ёшлар ташкилоталри фаоллари иштирок этишди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керак-ки, жамланганлар орасида жуда кўп ёшлар бор эди, уларнинг аксарияти Каримов президентлик даврида туғилиб ўсган. Шу сабабли Ўзбекистон Биринчи президентининг номи улар учун бутун бир даврни англатади.
“Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг барчамиз учун қадрли бўлган Ислом Абдуғаниевич хотирасига бағишланган сўзлари мени юрагимнинг тубигача етиб борди. Ислом Абдуғаниевич бизнинг мамлакатни мураккаб даврларда, ҳатто фожеавий даврларда бошқарди, десак адашмаймиз. Лекин у киши миллатнинг қадимий донишмандлиги, анъаналари ва маънавиятига таянган ҳолда, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқини бирлаштира олди ва унда энг асосий туйғу – ўз Ватани учун ғурурни уйғотишга муваффақ бўлди”, — деди Татьяна Каримова очилиш маросимида.
Шунингдек Татьяна Каримова Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо айлаб, ушбу маросимга келган барчага чуқур миннатдорлик билдирди ва Ўзбекистонга тинчлик ва фаровонлик тилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Биринчи президентининг ҳайкаллари яна Самарқанд ва Қарши шаҳарларида пайдо бўлади. Ундан ташқари, 2 сентябрь куни Самарқандда ислом Каримов мақбараси очилиш маросими бўлиб ўтади.