ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Мажбурий ижро бюроси томонидан энергия ресурсларининг талон-торож қилиниши ва бунинг оқибатида 137,5 млрд. сўм нореал қарздорликнинг келиб чиққани ҳолатлари бўйича 111 та жиноят иши қўзғатилди, деб хабар қилди Бош прокуратура матбуот-хизмати.
Хабарга кўра, "Андижоншаҳаргаз", "Андижон ёғ-мой" АЖ ва "Андижон биохимия заводи" АЖ мансабдор шахслари томонидан ўзаро тил бириктириб, 7 та маҳалла аҳолисини юқори босимли газ тармоғига ноқонуний улаш йўли билан 10,3 млрд сўм талон-торож қилингани аниқланган.
"Бўстонлиқтумангаз" филиали ва "Тошкентгазтаъминот" унитар корхонаси мансабдор шахслари истеъмолчиларнинг табиий газ сарфи кўрсаткичларига сохта маълумотлар киритиб, 15,6 млрд. сўм миқдорида нореал қарздорликнинг вужудга келишига сабабчи бўлганлар.
Шунингдек, талон-торожликлар натижасида пайдо бўлган қарздорликни энергия ресурслари ҳисобини юритиш бўйича маълумотлар базасига сохта маълумотлар киритиш йўли билан аҳолига қайта тақсимлаш ҳолатлари аниқланган.
Ёки, Жарқўрғон тумани ЭТК мансабдор шахслари 47 та фермер хўжалиги ва иқтисодиёт коллежининг 11,6 млрд. сўм қарздорлиги мавжудлиги тўғрисида маълумотлар базасига сохта маълумотлар киритганлар.
Мавжуд қарздорликни ҳисобдан чиқариб бериш эвазига қонунга хилоф равишда ҳақ олганлик ҳолатлари бўйича 51 та жиноят иши қўзғатилган.